Ўзбекистон ва Россия: стратегик шерикликнинг 25 йили

Печать

Ўзэкспомарказда 30 ноябрь куни шундай номли тарихий-ҳужжатли кўргазма очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда икки мамлакат парламент аъзолари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, олимлар, дипломатик корпус вакиллари, юртдошларимиз ва россиялик меҳмонлар иштирок этди.

Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-ҳужжатли кўргазма ташкилотчилари ва иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қутлов сўзини Россия Федерацияси Президентининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи, Россия делегацияси раҳбари В.Чернов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари И.Умаханов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев ва бошқалар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, ушбу кўргазма стратегик шериклик ва мустаҳкам дўстлик алоқаларини яққол намоён этишини таъкидлади.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан 20 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин бир-бирларини қутладилар.

Қутловларда таъкидланганидек, ўтган йилларда Ўзбекистон билан Россия муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Серқирра ва кўп томонлама муносабатлар ривожида салмоқли натижаларга эришилди.

Кўргазмада ана шу натижалар, тарихий ҳужжатлар ўз ифодасини топган. Экспозиция еттита мавзуга бўлинган 300 га яқин экспонатни ўз ичига олган.

Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифига бағишланган.

Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга кўтарди. Олий даражадаги музокараларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари белгилаб олинди. Ҳамкорлик соҳалари кенгайди. Мулоқотлар натижасида умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Бу воқеа барча даражадаги алоқаларга янги суръат бағишлади. Делегациялар ташрифи, ишбилармон доиралар ҳамкорлиги фаоллашди.

Кўргазма блокларидан яна бири «Сиёсий мулоқот» деб номланган. Унда бугунги дипломатик муносабатларга асос солган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Россия Президентлари Борис Ельцин, Владимир Путин ва Дмитрий Медведев билан учрашувлари, имзоланган қўшма баёнот ва шартномалар суратлари акс этган.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир икки юздан зиёд ҳужжат қабул қилинган. 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома уларнинг энг муҳимларидир. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Кўргазмада икки томонлама иқтисодий ҳамкорликка алоҳида ўрин берилган.

Ўзбекистон — Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқалар асосий ўринда туради. Мамлакатимизда Россия инвестициялари иштирокида тузилган 960 дан зиёд корхона, Россияда эса Ўзбекистон сармоядорлари иштирокида ташкил этилган қарийб 570 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 64 етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда — йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.

Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Яна бир экспозиция ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликка бағишланган.

Ўзбекистон ва Россия тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавф-хатарларга қарши курашиш борасида ҳам изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Турли йилларда терроризмга қарши қўшма тактик машқлар ўтказилган. Жорий йил октябрда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бўлиб ўтди. Сентябрь ойида Тошкент шаҳрида икки мамлакат Хавфсизлик кенгашлари аппаратлари ўртасида навбатдаги маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Манба: УзА

Сўнгги ўзгартириш: 04.12.2017 11:49