Ахборот хавфсизлигига бағишланди

Печать

Гулистонда Президентимизнинг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят, туман ва шаҳарлар “Ягона дарча” марказларида давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштиришга бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мутахассислар, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

– Бугунги глобаллашув даври интернет тармоқлари орқали яратилаётган ахборот маконидан тўғри ва оқилона фойдаланишни тақозо этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси Л.Бердимуродов. – Тадбирда “Ягона дарча” марказлари ва бошқа ташкилотларнинг сервер хоналари ва компьютердан фойдаланувчи ходимларига ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўйиладиган талаблар ҳамда ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш тартиблари тўғрисида атрофлича тушунча берилди. 

Семинарда тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишлари каби турли давлат хизмати кўрсатилиши юзасидан фикр алмашилди. 

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди. 

Сўнгги ўзгартириш: 26.07.2017 12:56