Алишер Навоий ва XXI аср

Печать

Улуғ шоир таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, турли мамлакатлардан навоийшунос олимлар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.

Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Мажид Каримов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Кизилтопрак Сулаймон ва бошқалар Ўзбекистонда маънавиятни юксалтириш йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар силсиласида Алишер Навоийнинг инсон камолоти ҳақидаги ҳаётбахш ғояларидан ёшлар маънавиятини бойитишда янада унумли фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланганини таъкидлади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Алишер Навоийга нисбатан улкан эҳтиромини намоён этди. Бугун бу эзгу ишлар катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Навоий ҳикматларини барчамизга эслатаётгани, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани зиёлиларимизни янада руҳлантирмоқда.

Мамлакатимизда Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда улуғ шоирнинг 20 жилдлик мукаммал, 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашр этилди.

Кўплаб хориж мамлакатларида шоир асарлари турли тилларда нашр этилмоқда, бадиий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Токио, Москва, Боку каби шаҳарларда Навоий бобомизнинг муаззам ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Меркурий планетасидаги кратерлардан бири ҳам буюк мутафаккир номи билан аталади.

Анжуманда навоийшуносликнинг долзарб масалалари беш шўъбада муҳокама қилинди. “Алишер Навоийнинг илмий мероси ва матншунослик масалалари” секциясида буюк шоирнинг лирик мероси матншунослиги, «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг танқидий матнини тузиш, Қўқон адабиёти музейида сақланаётган Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларини тадқиқ этишнинг долзарб жиҳатлари қамраб олинган. «Алишер Навоийнинг адабий мероси ва таржимаи ҳоли билан боғлиқ масалалар» шўъбасида Навоий шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари, унинг тарбияга доир қарашлари, «Фарҳод ва Ширин» достонида денгиз хронотопи каби қизиқарли бадиий-назарий мавзуларда фикрлашилди.

Манба: ЎзА

Сўнгги ўзгартириш: 22.02.2017 11:59