Дунёдаги энг мазали ва фойдали мева-сабзавотлар Ўзбекистонда етиштирилади

Печать

Тошкентда 12-16 июль кунлари I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ярмаркада АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари, мамлакатимизнинг мева-сабзавотчилик соҳасида иш юритувчи корхоналари иштирок этди.

ЎзА мухбири ярмарка иштирокчиларининг таассуротлари билан қизиқди.

Говиндаражу Танигайрасу, “Eco Green Group” компанияси бош менежери (Ҳиндистон):

– I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва мева-сабзавотчилик соҳасидаги улкан салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик узоқ тарихга бориб тақалади. Бугунги кунда ўзаро алоқаларимиз кўплаб соҳаларда жадал ривожланаётгани бизни қувонтиради.

Ўзбекистонда бизнес юритиш, ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароит яратилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингизда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг юксак сифати бугун бутун дунёга маълум. Шу боис жаҳон бозорида Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларига талаб йилдан-йилга ошиб, харидорлари сафи тобора кенгайиб бораётир. Бизга, айниқса, мамлакатингизда етиштирилаётган узум ва анор жуда маъқул бўлди. Қатор компания ва корхоналар раҳбарлари билан музокара ўтказиб, мазкур маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувга эришдик.

Тадбир давомида биз, хорижлик иштирокчилар, Ўзбекистоннинг нафақат мева-сабзавотчилик соҳаси, балки транспорт ва логистика тизимида ҳам улкан салоҳиятга эга эканига гувоҳ бўлдик. Компаниямиз дунё бўйлаб маҳсулотларни сифатли ва хавфсиз етказиш бўйича хизмат кўрсатади. Ўзбекистон билан мазкур соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз.

nuz.uz

Сўнгги ўзгартириш: 05.09.2016 15:02