Банкнинг янги хизматлари тақдим этилди

Печать

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан замонавий банк технологиялари асосида яратилаётган қулайликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда бир пластик карточкадан бошқа пластик карточкага маблағ ўтказиш имконини берувчи “P2P” хизмати жорий этилгани маълум қилинди. Бунинг қулайлиги шундаки, банк мижозлари махсус сайтлар, мобиль иловалар орқали ўз пластик карточкаларидан бошқа жисмоний шахснинг пластик карточкасига пул ўтказа олади. 

Банкда инфокиосклар орқали жисмоний шахсларнинг кредит тўловларини 24/7 режимида, ҳар куни 24 соат давомида қабул қилиш йўлга қўйилди. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 6 апрелдаги “Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича фаол иш олиб борилмоқда. 

Банкнинг омонатчилар билан амалиётлар бажарилишида омонат дафтарчалари, омонат шартномалари, кирим ва чиқим ордерлари ахборотлаштирилган дастур орқали амалга оширилмоқда. “Sms-омонат” хизмати йўлга қўйилгани омонатчиларнинг вақтини тежаш ва сифатли хизмат кўрсатишда қўл келаётир. Минтақавий филиалларда шахснинг бармоқ излари намунасидан фойдаланиш «Биометрик идентификациялаш» тизими жорий қилинмоқда. 

– Мазкур технология ғоят ишончли ва қатор афзалликларга эга, – дейди банк депозитларини жалб қилишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Олимжон Муталов. – Мисол учун, омонат ҳисобварақларидаги маблағлар билан боғлиқ операциялар фақат омонат эгаси бўлган мижознинг бевосита иштирокида амалга оширилади ва омонат маблағларига нисбатан банк ходимларининг дахлсизлиги таъминланади. 

Матбуот анжуманида “Қишлоқ қурилиш банк” “Uzkart-EMV” тўлов тизимидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, терминаллар тармоғини кенгайтириш, “оnline” режимида ишловчи “Smart-vista” карточкалари муомалага киритилишини жадаллаштириш, улар орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги ишларни давом эттириши маълум қилинди. 

uza.uz

Сўнгги ўзгартириш: 31.05.2016 18:25