Маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича янги қувватлар

Печать

2017 йил 16 декабрда Хоразм вилояти Янгиариқ туманида нефтгаз тармоғининг пластик идиш ва сиғимларни ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг жорий йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ амалга оширилди.

Корхонада йилига 2,5 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаш орқали мевасабзавот маҳсулотлари учун турли пластмасс қутилар, омборхоналар учун идишлар ва суюқликларни сақлаш учун сиғимлар ишлаб чиқариш бошлаб юборилди.

Барча ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилган бўлиб, 2017 йил май ойида тузилган контрактга мувофиқ «Xinjiang Huangjinmid-Asia Engineering Technology Co., Ltd» (ХХР) компанияси томонидан етказиб берилган юқори технологик ускуналарга асосланган.

Ишга туширилган корхона нефтгаз комплексининг — импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ва у билан ички бозорни тўлиқ таъминлаш мақсадида, хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва турларини кўпайтириш каби стратегик мақсадларга эришиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Сўнгги ўзгартириш: 19.12.2017 15:59